МАВЛОНО ЛУТФИЙНИНГ ЗАМОНДОШ ШОИРЛАР БИЛАН
МУНОСАБАТИ
Рихситилла Алимухамедов,
Ориентал университети, Тиллар-1 кафедраси профессори в.б.,
филология фанлари доктори
https://zenodo.org/records/17339766
Аннотация. Мазкур мақолада Мавлоно Лутфийнинг Алишер Навоий,
Бобур ва Мавлоно Саккокий билан муносабати ёритиб берилган. Мазкур
муносабатлар Навоий асарлари, Бобур асарларида келтирилган мисоллар орқали
очиб берилган.
Калит сўзлар: Мавлоно Лутфий, Саккокий, Навоий, Бобур.
Abstract. This article examines the relationship between Mawlana Lutfi and
Alisher Navoi, Babur, and Mawlana Sakkoki. These relationships are revealed through
examples from Navoiʼs works and Baburs works.
Keywords: Mawlana Lutfi, Sakkoki, Navoi, Babur.
XV аср ўзбек мумтоз адабиётининг гултожи, Навоий таърифича “Малик улкалом” Мавлоно Лутфий ғазалларини севиб мутолаа қилмаган, унинг “Сенсан
севарим...” билан бошланувчи ғазалини ёд олмаган киши бўлмаса керак.
Мавлоно Лутфий ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги илк маълумотни Алишер
Навоий ўзининг “Мажолису-н-нафоис” ҳамда “Насойиму-л-муҳаббат”
тазкираларида келтиради. Бизгача етиб келган асосли манба шулар ҳисобланади.
Шундан сўнг Лутфий ижоди XIX асрдан қайтадан ўрганила бошланди. Булар
жумласига Аҳмад Заки Валидий, Е.Э.Бертельс, Ҳоди Зариф, Н.М.Маллаев,
С.Эркинов, Э.Аҳмадхўжаев, Х.Расулов, Х.Усмонов томонидан амалга
оширилган тадқиқотларни мисол қилсак бўлади.
Мавлоно Лутфий ва Мавлоно Саккокий муносабати
Навоийнинг айтишича, Мавлоно Саккокийнинг ғазаллари Туркистонда
машҳур бўлган бўлса, Мавлоно Лутфийнинг ижоди Ироқу Хуросонда машҳур
бўлган1. Айрим тарихий манбаларда ўша замон кишилари Мавлоно Лутфийни
Мавлоно Саккокийнинг ғазалларини олиб, ўзининг тахаллусини қўйиб чиқарган,
яъни ўғриликда айблаб, туҳмат қилганларини ҳам ўқиб қоламиз. Аммо Навоий
бундай гапларни қаттиқ қоралайди, бундай номақбул гапларни тарқатганларни
қаттиқ танқид қилади2. “Мажолису-н-нафоис” асарида қуйидагиларни айтади:
“... Мавлоно Лутфийнинг барча яхши шеърлари анингдурким, ўғурлаб, ўз
отиға қилибдур. Ул ерларда бу нав ўхшаши йўқ мазасиз мукобаралар (ўзига бино
қўйиш, кибрланиш – А.Р.) гоҳи воқеъ бўлур”3.
1 Алишер Навоий. МАТ. I том. – Тошкент: 1987. – Б.14.
2 Ҳайитметов А. Мерос ва ихлос. – Тошкент: 1985. – Б.132.
3 Алишер Навоий. Мажолисун нафоис (илмий-танқидий текст). Тайёрловчи Суйима Ғаниева.
– Тошкент: Ўзбекистон ССР Фанлар академияси нашриёти, 1961. – Б.76.
159
Мавлоно Лутфий ва Алишер Навоий муносабати
Тарихда Мавлоно Лутфий ва Алишер Навоий учрашуви тўғрисида
Ғиёсиддин Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида баён этган
маълумотларгина сақланиб қолган. Ушбу учрашув қуйидагича бўлган:
“Сўз санъатида ягона бўлган ҳамда унгача ҳеч ким туркий тилда ундан
кўпроқ ва ундан яхшироқ шеър ёзмаган Мавлоно Лутфий ул ҳазратнинг
эндигина униб-ўсиб бораётган ва яхши-ёмонни ажратиб бошлаётган
[ўспиринлик] чоғларида кунлардан бир куни унинг ҳузурига бориб, ундан:
- Бирор ғазал ўқиб бериш орқали ўз тафаккурингиз маҳсулларининг янги
намуналаридан мени баҳраманд этинг, - деб илтимос қилди.
Ул ҳазрат матлаъи қуйидагича бўлган бир ғазални ўқиб берди.
Шеър:
Оразин ёпқоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Буйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.
Жаноби Мавлавий бу ажойиб ғазални эшитиб, ҳайрат денгизига ғарқ бўлди
ва унинг тилига шундай сўзлар келди:
- Худога қасам ичиб айтаманки, агар иложи бўлганида эди, ўзимнинг ўн-ўн
икки минг байтдан иборат бўлган туркий ва форсий ғазалларимни биргина ушбу
ғазалга алмаштирган ва ушбу айирбошлаш натижасини катта муваффақият, деб
ҳисоблаган бўлардим”1.
Юқоридаги асар парчасидан кўриниб турибдики, Мавлоно Лутфий ёш
Алишер Навоий ижодига юқори баҳо берган. Бу ердан Лутфий қаламига ўн-ўн
икки минг туркий ва форсий байт шеъри мавжудлигини ҳам билиш мумкин.
Алишер Навоий Мавлоно Лутфий бўйича ўз тазкираларида бу учрашув
ҳақида бирор маълумот ёзмаган.
Шу кунга қадар Навоийнинг илмий мероси, унинг поэтик маҳорати бўйича
ёзилган тадқиқотларда Мавлоно Лутфий алоҳида мавқега эга. Лутфий Навоий
учун туркий тилдаги идодига катта таъсир қилган, Устози сифатида талқин
этилади2.
Мавлоно Лутфий ва Бобур муносабати
Мавлоно Лутфий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир даврда яшамаган
бўлсаларда, Бобур ўзининг “Рисолаи аруз” асарида Лутфийнинг ижодидан
унумли фойдаланган3.
Маълумки, темурийлар даврида арузга бағишланган асарлар кўплаб
учрайди. Уларнинг орасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад
Бобурнинг рисолалари туркийда битилгани билан ажралиб туради. Бобур ўта
талабчан бўлганини, ҳаттоки ўзининг туғишган ака-ука, опа-сингиллари
1 Ғиёсиддин Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. – Тошкент: “Ғафур Ғулом” нашриёти, 2015. – Б.40.
2 Бу ҳақида қаранг: Зариф Ҳ. Лутфий ва Навоий/ Улуғ ўзбек шоири. – Тошкент: 1948.
3 Бобурнинг Лутфий ижодидан хабардорлиги масаласида ўқинг: Лутфий// Заҳириддин
Муҳаммад Бобур энциклопедияси. – Тошкент: Шарқ, 2017. – Б.288-289.
160
тўғрисидаги маълумотларни “Бобурнома”да рўй-рост гапирганини ўқишимиз
мумкин. Шу сабабли унинг манбаларга жиддий ёндашувига ҳеч кимнинг
шубҳаси йўқ. Бобур ўзининг “Рисолаи аруз” асарини ёзишда вазнларга ўеърлар
танлашда синчковлик билан ёндашган. Аҳамиятлиси шундаки, мазкур асарда
Мавлоно Лутфий ижодидан рисоланинг “Ахраби макфуфи мақсур”, “Иккинчи
вазн”, “Олтинчи вазн”, “Саккизинчи вазн”, “Аввалғи вазн”, “Тўртинчи”,
“Бешинчи вазн” фаслларида тамсил қилиб келтирилган. Бу ҳақида адабиётшунос
олима Буробия Ражабова ўзининг “Лутфий ва Бобур” рисоласида келтириб
ўтган1. Бундан хулоса шуки, Бобур Мавлоно Лутфий ижоди билан жуда яхши
таниш бўлган. Шу сабабли ҳам шеърларидан парчаларни ўзининг аруз
тўғрисидаги рисолага киритган.
Кўриниб турибдики, Мавлоно Лутфийнинг ўз замони шоирлари билан
муносабати илиқ ва дўстона, устоз-шогирд анъаналари шаклида бўлган.
Лутфийнинг ўз феъли бўлиб, унинг не қадар ички олами бой, ёшларга ўрнак бўла
оладиган, ўз ижоди билан уларга Устозлик қила оладиган даражадаги
ижодкорлардан бўлган.
Адабиётлар
1. Алишер Навоий. МАТ. I том. – Тошкент: 1987.
2. Ҳайитметов А. Мерос ва ихлос. – Тошкент: 1985.
3. Алишер Навоий. Мажолисун нафоис (илмий-танқидий текст). Тайёрловчи
Суйима Ғаниева. – Тошкент: Ўзбекистон ССР Фанлар академияси
нашриёти, 1961.
4. Ғиёсиддин Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. – Тошкент: “Ғафур Ғулом”
нашриёти, 2015.
5. Зариф Ҳ. Лутфий ва Навоий/ Улуғ ўзбек шоири. – Тошкент: 1948.
6. Лутфий// Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси. – Тошкент:
Шарқ, 2017
7. Lutfiy va Bobur. [Risola] / B.Rajabova. – Toshkent: “Fan” nashriyoti, 2025.
1 Lutfiy va Bobur. [Risola] / B.Rajabova. – Toshkent: “Fan” nashriyoti, 2025. – B.126-131.
161