ORIENTAL UNIVERSITETIQidiruvПоискSearch
Oriental universiteti nashriyotiIlmiy jurnallar platformasiПлатформа научных журналовScholarly journals platform

Toʻliq matnПолный текстFull text

Sharq allomalari asarlarida ustoz-shogird an’analari talqini

Raximxodjayeva Nargiza Gulamovna, Obidova Maftuna Sobir qizi

Matn PDF dan avtomatik ajratilgan: ekran oʻqiydigan dasturlar, telefon va qidiruv uchun. Rasmiy nusxa — PDF.Текст извлечён из PDF автоматически — для программ чтения с экрана, телефонов и поиска. Официальная версия — PDF.Text was extracted from the PDF automatically for screen readers, phones and search. The PDF remains the version of record.

PDF ni oʻqishЧитать PDFRead the PDF → Nashr kartasiКарточка изданияRecord

ШАРҚ АЛЛОМАЛАРИ АСАРЛАРИДА УСТОЗ-ШОГИРД
АНЪАНАЛАРИ ТАЛҚИНИ

Рахимходжаева Наргиза Гуламовна, Обидова Мафтуна Собир қизи
Ориентал университети 1-курс талабалари

Аннотация. Мазкур мақолада Шарқ алломалари асарларида устоз-шогирд
анъанасининг шаклланиши, ривожланиши ва илмий-маънавий мерос сифатидаги
аҳамияти таҳлил қилинган. Устоз ва шогирд ўртасидаги таълимий-тарбиявий
муносабатлар Қуръони Карим оятлари, ҳадислар ҳамда ислом таълимоти асосида
ёритилади. Шунингдек, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий,
Жалолиддин Румий, Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар ҳаёти мисолида устозшогирдлик тизимининг амалий кўринишлари кўрсатилган. Мақолада ислом дунёсида
илмни авлоддан-авлодга етказишда ҳадис илмидаги иснод (занжир) тизими, мадрасалар
фаолияти, “Байт ул-ҳикма” каби илмий марказлар ҳамда тасаввуф мактабларидаги пирмурид анъаналари алоҳида таҳлил қилинган. Устознинг маънавий ва илмий тарбия
берувчи шахс сифатидаги роли, шогирднинг эса билимни қабул қилувчи ва давом
эттирувчи сифатидаги ўрни очиб берилган.

Калит сўз. устоз-шогирд анъанаси, Шарқ алломалари, ҳадис илми, таълим ва
тарбия, илмий мерос

Annotation. This article analyzes the formation, development, and significance of the
teacher–student tradition in the works of Eastern scholars as an essential component of
intellectual and spiritual heritage. The study highlights the educational and moral relationship
between teacher and student based on the teachings of the Qur’an, Hadith, and Islamic
educational principles. It demonstrates how this tradition was practically embodied through the
lives and works of prominent scholars such as Al-Farabi, Ibn Sina, Al-Biruni, Imam Bukhari,
Jalal ad-Din Rumi, and Mirzo Ulugbek. The article also examines the transmission of knowledge
through the system of isnad (chain of transmission) in Hadith studies, the role of madrasahs,
major scientific centers such as the “Bayt al-Hikma,” and the teacher–disciple relationship in
Sufi traditions. Particular attention is given to the teacher’s role as a moral and intellectual
guide, and the student’s role as a receiver and continuer of knowledge.

Key words. teacher-student tradition, Eastern scholars, Hadith studies, education and
upbringing, scientific heritage

“Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий
саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъйҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи
устозлар бежизга “Пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар”52. Қуръони
Каримда ўзи эгаллаган илму-асрорни ўзгаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи
нақадар улуғлиги ҳақида марҳамат қилинган:

“….Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд
даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

52 О.Нарзуллаев. Зангиота тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби. http://fitrat.uz/tazim-va-etirom-sizga-aziz-ustozlar-2

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким инсонларга таълим бериш

мақсадида бир бўлим илм ўрганса, унга етмиш сиддиқнинг савоби

берилади” деганлар.

Аллоҳ Одам Атони яратиб унга қандай нафас олиб, қандай яшашликни ўргатди.

Шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.) бу илмларни ўрганиб, бани башар мўминларга улашди.

Шахсан ўзлари бунда устозлик, муаллимлик қилиб, шогирдлари саҳобаларга мерос

қолдирди, улар эса тобеинларга. Шу тариқа муҳаддислик илми, анъанаси пайдо бўлди.

Қадим Одам Атодан бошланган устоз-шогирдлик қадрияти шу зайлда турли соҳларда

ривож топди.

Кўҳна Шарқ заминида ўткир ақл, гўзал ахлоқ, юксак билим маънавий етук инсон

бўлиб етишишнинг асосий шартларидан бири саналганки, бу гўзал сифатларни

шакллантириш учун устоз-шогирд анъанаси устувор концепция даражасига кўтарилган.

Хўш, бу сўзлар қандай маъно беради?

Устоз сўзининг устод, уста каби вариантлари бўлиб, “ўргатувчи, муаллим” деган

маъноларни англатса, шогирд сўзи “ўрганувчи, халфа, издош, ўқувчи” маъноларини

англатади53. Замин замин бўлибдики, Абу Наср Форобий,

ал-Фарғоний, ал-Мотурудий, ал-Хоразмий, Имом Бухорий, Беруний, Ибн Сино,

Жалолиддин Румий, Мирзо Улуғбек, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур каби шахслар жами

илм аҳли учун устоз мақомига мушарраф бўлдилар, ўз даврида улар ҳам йирик устозларга

шогирд бўлганлар. Муҳаддис Имом Бухорий 10 ёшидаёқ ўн минг ҳадисни ёддан айта

олган ва устози Имом Исҳоқ ибн Иброҳим таҳсин ва олқишларига сазовор бўлган.

Тарихга боқсак, илм даргоҳлари – мадрасаларни бошқаришда етук салоҳиятли устоз

танланганки, мадраса толиблари ҳам шу даражага эришсинлар деб. Масалан, “Байт ул

ҳикма” –

Маъмун академиясини ўз даврида ал-Беруний йигирма йил бошқарганлиги бобо

тарихнинг олтин китобида битилган.

Аслида буюклик оддийликдан бошланади. Бежизга Мирзо Улуғбек фармонига

мувофиқ, қурувчи ўзи қураётган Самарқанд мадрасасига мударрис этиб тайинланмаган

эди. Буюк Амир Темур маънавияти ва тафаккурига хос фазилатларни бутун дунё аҳли тан

олганлиги, Соҳибқироннинг руҳиятини Хожа Шамсуддин Кулол, Саййид Амир Кулол,

Мир Саййид Баракадек буюк пирлари (устозлари) тарбият этганликларидандир.

Устоз-шогирд анъанаси ҳақида сўз юритар эканмиз, унга ислом дини нуқтайи

назаридан қараш ва ҳадислар мисолида тўхталиш ўринлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад

(с.а.в) га рисолат берилгандан сўнг, у зот мўминлар учун ҳақиқий ўрнак – устоз бўла

бошладилар. Табиийки, янги дин, янги ибодатлар пайдо бўлгач, уларни ўргатувчи инсонга

еҳтиёж ҳам сезилди. Илоҳий даргоҳдан келган ҳар бир буйруқни Муҳаммад (с.а.в) нинг

ўзлари илк бор кўрсатиб бера бошладилар. Пайғамбаримизнинг атрофидаги йўлдошлари,

биродарлари диний рукнларни тўлиқ ўрганиш мақсадида Муҳаммад (с.а.в) нинг ҳар бир

ҳаракатларини кузатишар, ҳар бир сўзларини диққат билан тинглашарди. Ривоятларда

келишича, саҳобалардан Абу Бакр Сиддиқ (р.а) бирон ишлари чиқиб қолган тақдирда

хизматчиларидан бирига пайғамбаримизнинг ёнларида бўлиб, ҳар бир ишларини кузатиб

туришни буюрарди. Ўзлари қайтиб келгач, хизматчидан ўзи йўқлигида юз берган

53 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2008. V. – 591 б.

ҳодисаларни барини сўраб олар эдилар. Шу тариқа суннат деган тушунча вужудга келди.
“Суннат” сўзи араб тилида “тариқат – маънавий йўл” деган маънони англатади54.

Орадан йиллар ўтиб, Муҳаммад (с.а.в) вафот этдилар. Кейинги замон
мусулмонларига ва бошқа юртлардаги ислом динига эътиқод қилувчи халқларга диний
кўрсатмаларни етказиш масаласи муҳим аҳамият касб этди. Зеро, энди улар шахсан
пайғамбарнинг ўзидан буларни ўргана олмасдилар. Шу ҳолатда устоз-шогирд
анъанасининг аҳамияти яққол сезилди. Саҳобалар ўзларининг билганларини ва
эшитганларини ўзларидан кейинги авлодга ўргатдилар. Саҳобалардан кейинги бу авлод
тобеинлар деб аталди. Вақт ўтиб тобеинлар ҳам ўзларидан кейинги авлодга саҳобалардан
ўрганганларини етказдилар. Тобеинлардан кейинги авлод таба тобеинлар деб номланди.
Таба тобеинлардан сўнг бу дин жуда оммалашиб, эътиқод этувчилар сони кўпайиб
кетгани учун устоз-шогирд анъанаси бошқача усулда йўлга қўйила бошланди. Қуръон
тиловат қилишнинг қоидалари, яъни тажвидни ўргатишда ҳам устоз-шогирд анъанасининг
аҳамияти жуда катта бўлди. Тажвидни ўрганишдаги энг самарали усул татбиқий усул
(баъзи ҳолларда амалий усул) деб номланади. Бунда аввало устоз шогирдга Қуръoнни
ўқиб беради. Сўнгра шогирд устозига ўқиб беради. Устоз эса унинг хатоларини тўғрилаб,
камчиликларини тўлдириб туради, тўғри ўқиётган бўлса, маъқуллаб туради. Бу усул айнан
биз сўз юритаётган устоз-шогирд анъанасининг ўзидир. Шогирд устози бераётган
илмларни ўзлаштириб бўлгач, устоз унга “ижоза” беради. Яъни энди ана шу шогирд ҳам
бошқаларга бу илмларни ўргатиши мумкинлиги хусусида ижозатга эга бўлади. Қуръон
ўқиш илми ҳозирги кунимизга қадар шу усулда ўргатилиб келинмоқда ҳамда бундан
кейин ҳам ушбу анъана давом этади. Халифа Умар ибн Абдулазиз давридан бошлаб
мусулмон диёрларга Арабистондан диний аҳкомларни мукаммал билувчи устозлар
юборила бошланди. Чунки узоқ ўлкалардаги мусулмонлар Арабистонга келиб ўрганиш
имкониятига эга эмасдилар. Шу сабабли устоз-шогирд анъанаси яна давом этди. Ҳадислар
устоз-шогирд занжири орқали бизни кунимизгача етиб келдилар. Ҳадисларни ўрганувчи
олимларни муҳаддислар деб аталиши ҳеч кимга сир эмас. Муҳаддислар бир ҳадисни
ўрганар эканлар, устоз-шогирд занжирини тўғрилигини, ўртада узилишлар йўқлигини
мукаммал тарзда ўрганадилар. Бунга қуйида бир мисол келтирамиз.

Маълумки, Имом Бухорий “муҳаддислар имоми” ҳисобланади. У зот баъзан бир
ҳадисни йиллар давомида ўрганишига ҳам тўғри келган. Муҳаммад (с.а.в) дан бир ҳадис
келтирамиз: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани бўлади.
Кимки дунё учун ҳижрат қилса, унга эришади. Хотин учун бўлса, уни никоҳлаб олади.
Бас, унинг ҳижрати – нима учун ҳижрат қилса, шунинг учун бўлади”. Энди ушбу ҳадис
ҳақида Имом Бухорийнинг ёзганларини келтирамиз: “Бизга ал-Ҳумайдий ибн аз-Зубайр
ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яҳё ибн Саид ал-Ансорийдан
ешитган. У “Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди”, деган. У эса Алқама
ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган. Ал-Лайсий айтадики, у Умар ибн Ҳаттобдан эшитган
экан. Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан эшитдим”,
дейди”55. Устоз-шогирд анъанасининг аҳамияти ва намунасини кўриб ўтдик. Агар бу
анъанадан фойдаланилмаганда, ҳадис пайғамбар айтган вақтда эшитган саҳобалардан ўзга
инсонга етиб бормаган бўларди. Имом Бухорийнинг ёзганларидан келиб чиққан ҳолда

54 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт”, 1-жуз. Муқаддима: 8-бет.
55 Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. “Жоме ус-Саҳиҳ”.

таҳлил қилсак, ҳадис у кишига етиб келгунга қадар етти бор устоз-шогирд анъанасидан
фойдаланилган.

Пири муршид устозлик мақомининг олий даражасидир. Тарихда бунга мисоллар
жуда кўп. Мурид пир ҳузурида ўн-ўн беш йиллаб хизмат қилган, илми ғайб, илми ҳол ва
илми қол сирларини мукаммал эгаллаганидан сўнг пирининг фатвоси билан мустақил
фаолият олиб борган. Ўтмишда тасаввуф илмида етишиб чиққан буюк алломаларимиз ўз
пирларига садоқат билан хизмат қилишган. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг пири Амир
Кулол бўлган. Садоқатли мурид унинг тарбиясида етук тасаввуф олими бўлиб етишди ва
нақшбандия тариқатига асос солди. Амир Кулолнинг шогирдларидан яна бири ҳазоралик
Мавлоно Ориф Деггаронийдир. Садриддин Салим Бухорий “Етти пир”56 китобида бу
ҳақда айрим маълумотларни келтирган. Баҳоуддин Нақшбанд етти йил Мавлоно Орифга
ҳам муридлик қилган.

Жалолиддин Румийнинг отаси воиз Баҳоуддин Валад “Султонул уламо” рутбасига
эришади. У Саид Бурҳониддинга устозлик қилади ва уни етук олим, пир даражасига
эриштиради, Сирдон деган эътирофга сазовор этади. Вақти келиб отасининг шогирди
Жалолиддинга устозлик қилади, уни излаб Кўнёга келади. Устоз-шогирд учрашувидаги
суҳбат Шарқда устоз-шогирд анъанаси, бир-бирларига муносабат меъёрлари ва қоидалари
нақадар мукаммал шаклланганлигидан дарак беради: “Шогирди жавоб бераркан,
сўфийнинг чеҳраси ёриша борди. Ниҳоят, у сакраб оёққа турди-да, ёш уламо бошига
энгашиб, ошиқиб-тошиқиб деди:

– Илми иймон ва илми зоҳирийда отангдан ҳам зул-жалолсен. Лекин падари
бузрукворинг соҳиби илми асрор ҳам эдилар. Мен ул зоти шарифнинг шарофатлари
туфайли ана шу илмга ноил бўлдим, умид улким, эмди сени шу йўлга бошлагаймен, токи
илми асрорда ҳам отангга ворис, балки баробар бўлгайсен”57.

Устоз-шогирд анъанаси Шарқ цивилизациясининг энг муҳим интеллектуал ва
маънавий устунларидан бири ҳисобланади. Ушбу анъана фақат таълим усули эмас, балки
шахс камолоти, ахлоқий тарбия ва илмни авлоддан-авлодга етказишнинг мукаммал
тизими сифатида шаклланган. Қадимги Шарқда илмга бўлган юксак эҳтиром туфайли
устоз шахси жамиятда алоҳида мавқега эга бўлиб, унинг сўзи ва амалий фаолияти
шогирдлар учун намуна бўлиб хизмат қилган. Ислом таълимоти устоз-шогирд
муносабатларини янада мустаҳкамлаб, уни илоҳий аҳамиятга эга жараён сифатида талқин
қилган. Қуръони Карим оятлари ва ҳадисларда илм эгалари ва уларни ўргатувчиларнинг
мақоми юқори баҳоланган. Бу эса илмни фақат назарий эмас, балки амалий ва маънавий
мерос сифатида қабул қилишга замин яратган. Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний,
Форобий каби буюк алломаларнинг илмий фаолияти айнан устоз-шогирд тизими орқали
шакллангани, илмнинг узлуксизлиги ва ишончлилиги айнан шу анъана билан
таъминланганини кўрсатади. Ҳадис илмидаги иснод тизими эса бу жараённинг энг
мукаммал илмий модели сифатида намоён бўлган. Шу билан бирга, тасаввуф
мактабларидаги пир-мурид анъанаси ҳам устоз-шогирдликнинг маънавий қиррасини
ифодалайди. Унда фақат илм эмас, балки руҳий покланиш, ахлоқий етуклик ҳам асосий
ўрин тутади.

56 Садриддин Салим Бухорий. Баҳоуддин Нақшбан ёки етти пир. Тошкент, “Янги аср авлоди”. 2003. 24 б.
57 Фиш Радий, Жалолиддин Румий, тарихий-биографик роман, Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва
санъат нашриёти, 1986 й. Б. 141.

Хулоса қилиб айтганда, устоз-шогирд анъанаси Шарқ илм-фани, маданияти ва
маънавияти ривожида ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилган. Унинг асосий ғоялари
бугунги таълим тизими учун ҳам долзарб бўлиб, замонавий педагогикада ҳам ўз
аҳамиятини сақлаб қолмоқда.